Россияда мигрантлар учун рус тили ва тарихидан имтиҳон тартиби ўзгаради

Россияда янги қонун билан мигрантлар учун рус тили ва тарихидан имтиҳон тартиби ўзгаради. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Россияда яшаш ва ишлаш истагидаги чет элликлар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топширишнинг янги қоидалари ўрнатилади. Имтиҳонларнинг мураккаблик даражаси эса чет эл фуқаросининг мамлакатда бўлиш мақсадига боғлиқ бўлади. Ушбу тартиб Дума томонидан қабул қилинган ҳукумат қонунида белгиланган.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда Россиянинг ҳудудий бошқаруви ушбу имтиҳонни ўтказувчи таълим муассасалари рўйхатини ҳамда имтиҳонни ўтказиш тартиби ва шаклини белгилаш ҳуқуқига эга. Янги қонунга мувофиқ, имтиҳонлар расмий рўйхатга киритилган таълим муассасалари томонидан ўтказилиб, тегишли сертификат берилади.

Шу билан бирга, сертификатнинг амал қилиш муддати уни олиш мақсадига боғлиқ бўлади. Масалан, вақтинчалик яшаш ёки ишлаш учун рухсатнома олиш истагидаги чет эл фуқароларига сертификат уч йил муддатга берилади. Қонун расмий эълон қилинган кундан 180 кун ўтгач кучга киради.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 200 га яқин фуқароси Россиядаги қурилиш объектларига ишга жўнатилиши ва Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга чиқиши соддалаштирилиши хабар қилинган.

Янгиликлар