Россияда 2008-йилдан буён терговдан яшириниб юрган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди

Иркутскда (Россия) халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқаросини қўлга олишди. Бу ҳақда «Иркутск онлайн» хабар берди.

Аниқлик киритилишича, аёл 2008-йилдан буён қидирувда бўлган. У наркотик воситаларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ жиноятда айбланмоқда.

«Аёл шу пайтгача Россия ҳудудида яшириниб юрган. Илгари уни худди шундай жиноятлар содир этганлиги учун судлашган», – дейилмоқда хабарда.

Иркутскнинг Октябрь туман суди прокурорнинг фуқарога нисбатан жиноятнинг олдини олиш чорасини қўллаш илтимосномасини кўриб чиқиб, уни қаноатлантирди. Аёлни Ўзбекистонга экстрадиция қилишгунга қадар 40 кунга қамоққа олишди.