Петербургда мактаб ўқувчиси ўзбекистонлик ўгай отасини ўлдиргани учун 3 йилга қамалди

Санкт-Петербург мактабларидан бирида ўқиётган 16 ёшли саккизинчи синф ўқувчиси Илья Aфанасьев ўгай отасини ўлдиришда айбдор деб топилди, деб хабар беради шаҳар суди матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, 2020 йилнинг 10 январидан 11 январига ўтар кечаси Илья 46 ёшли отаси В.О. билан 33-уйнинг 6-қаватидаги зинапояда жанжаллашиб, унинг чап елкасига 6 маротаба ошхона пичоғи билан зарба берган.

Олинган жароҳатлар туфайли жабрланувчи ҳушини йўқотиб, боши билан ерга йиқилган ва воқеа жойида вафот этган. Ўлим сабаби сифатида эса субклавиан артерия шикастланиши кўрсатилган.

Суриштирув ишлари натижасига кўра, йигит онасига қилинаётган хиёнат сабаб ўгай отасини пичоқлагани маълум бўлган. Ўсмир қисман бўлса ҳам, айбини тан олган ва ҳеч кимни ўлдиришни хоҳламаганини айтган.

Маълумот учун, вафот этган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Суд қарорига мувофиқ, Илья ҳаётининг кейинги уч йилини ахлоқ тузатиш колониясида ўтказишга мажбур бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ильяда қонун билан боғлиқ бир нечта муаммолар бўлган ва вояга етмаганлар ишлари бўлимида рўйхатда турган.

Aввалроқ Москва вилоятида ота 6 ёшли ўғлини пичоқлаб ўлдиргани, Наманганда 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар