Наманганда маиший чиқиндиларни ташиш хизмати тўлиқ қамраб олинади

Наманган вилоятида маиший чиқиндиларни ташиш бўйича 2 та битим тузилди. Бу ҳақда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, давлат-хусусий шериклик асосида қабул қилинган лойиҳалар Наманган шаҳар, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларини қамраб олади. Унда давлат шериги — Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда хусусий шерик — «Наманган Мусаффо Иқлим» корхонаси эканлиги маълум қилинган.

Ушбу битим бўйича давлат шериги томонидан жами 74 та махсус автотранспорт воситаси 7 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан (кейинчалик хусусий мулк сифатида ўтказилади) фойдаланишга топширилади. 2 та чиқинди полигони чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашга инвестиция киритиш шарти билан 10 йил муддатга ишлатишга берилади. Шунингдек, 36 та маиший чиқиндиларни қабул қилиш шохобчаси ва 206 та чиқинди контейнери 10 йил муддатга фойдаланиш учун тақдим этилмоқда.

Маълум қилинишича, хусусий шерик томонидан 7,8 миллион AҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан 80 та чиқинди ташувчи техника, 2 та чиқиндиларни саралаш ва 2 та қайта ишлаш ускунаси, 50 та маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаси ва 150 та чиқинди контейнери, шунингдек, 3 та чиқиндиларни қайта юклаш станцияси қурилиб ишга туширилади.

Мазкур битимлар орқали маиший чиқиндиларни ташиш хизмати билан 100 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 38 фоизга бажарилади. Шу билан бирга, мазкур 2 та лойиҳа бўйича жами 796 та янги иш ўрни яратилади.

Aввалроқ Самарқанд шаҳрида чиқиндиларни ташишни ривожлантириш учун 37 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлангани ҳамда Самарқанд шаҳрида кунига қанча чиқинди чиқарилиши ҳақида хабар қилинганди.