Самарқанд шаҳрида кунига қанча чиқинди чиқарилиши маълум бўлди

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида 2 ноябрь, душанба куни «Мароқанд Обод» давлат унитар корхонаси директори иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, сўнгги 10 ойда мобайнида Самарқанд шаҳар ҳудудидан 466 минг 200 тонна чиқинди полигонларда қабул қилинган. Шаҳарда кунига ўрта ҳисобда 600 тонна, ноябрь ойидан йил якунига қадар эса жами 219 минг тонна чиқинди чиқарилиши прогноз қилинган.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Мароқанд Обод» давлат унитар корхонасда ишчилар сони 411 нафарни ташкил этади. Шунингдек, корхона 130 та махсус чиқинди йиғиш машиналари ёрдамида шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатади.

Таъкидланишича, корхона 3598 та тадбиркорлик субъектларига шартнома асосида хизмат кўрсатади. Ушбу кўрсаткич 2018 йилда 1042 та, 2019 йилда жами 2159 тани ташкил этган.

Таъкидланишича, шаҳар ҳудудидаги 158 та маҳалла, 71 та чиқинди йиғиш шаҳобчаси, 38 та меҳмонхона, мактаб ва МТТлар, поликлиникалар, шаҳарнинг марказий кўчаларидаги 150 дан ортиқ чиқинди контейнери, 32 та ресторанга кўрсатилаётган хизматлар «Мароқанд Обод GPS-назорати» томонидан кузатиб борилади.

Бундан аввал Самарқандда карантин ҳудудларидаги чиқинди қандай зарарсизлантирилиши ҳамда Оқдарёда умумий овқатланиш шохобчасида чиқиндихона ташкил қилинганлар жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Ургутдаги «Сойгузар» маҳалласидан ўтувчи сойга чиқинди ташланаётганлиги ҳамда Тойлоқдаги маҳаллага чиқиндилар ташлаб кетилаётгани юзасидан муносабат билдирилгани маълум қилинган.