Тойлоқдаги маҳаллага чиқиндилар ташлаб кетилаётгани юзасидан муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани «Дўстлик» МФЙ ҳудудида чиқиндиларни ноқонуний ташлаб кетилаётганлиги ва бундай ҳолат Туёқли қишлоқ аҳолиси саломатлигига жиддий таъсир этиши мумкинлиги тўғрисидаги мурожаат тарқалган эди. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Фото: Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати

Муносабатда баён қилинишича, ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси маъсул ҳодимлари томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Ўрганишлар натижасида ҳақиқатан ҳам видеолавҳада кўрсатиб ўтилганидек, фуқаро М.Р. ўз юк машинасида 2020 йил 12 август куни қаттиқ қурилиш чиқиндиларини маҳалла ҳудудига ташлаганлиги маълум бўлган. Фуқарога нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддаси, 1-бандига кўра жаримага тортилган ва автоулови вақтинча сақлаш жарима майдончасига қўйилган.

«Бироқ видеотасвирдаги қолган ҳолатлар 2020 йилнинг май—июнь ойларида тасвирга олинган бўлиб, бу ҳолат юзасидан инспекция томонидан қонун талаблари доирасида чора кўрилган», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ Андижонда ҳавони ифлослантирган фуқароларга жарима белгилангани, Жанубий Фарғона каналига нефтни қайта ишлаш заводи чиқинди сувлари оқизилаётганлиги тўғрисидаги хабар рад этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар