Жанубий Фарғона каналига нефтни қайта ишлаш заводи чиқинди сувлари оқизилаётганлиги тўғрисидаги хабар рад этилди (видео)

Фарғона вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган Жанубий Фарғона каналига «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи»дан ҳосил бўлган чиқинди сувларининг оқизилаётганлиги тўғрисидаги видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирди.

Фото: Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 20 август, пайшанба куни ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналига «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи»дан (ФНҚИЗ) ҳосил бўлган чиқинди сувларининг оқизилаётганлиги тўғрисидаги видеолавҳа жойлаштирилган. Шундан сўнг Фарғона вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари шу куни ҳолатни жойига чиқиб ўрганган. Ўрганиш натижасида каналга ФНҚИЗ томонидан нефть маҳсулоти оқова сувлари оқизилмаганлиги аниқланган.

«Мазкур ҳудудда анча йиллардан буён яшовчи Қаҳрамон исмли шахс билан суҳбатлашилганда, ҳеч қандай нефть оқизилмаётганлиги ва канал сувидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланилаётганлигини таъкидлаган. Тарқатилган маълумот исботини топмади», — дейилади хабарда.

Фото: Фарғона вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, худди шундай мазмундаги видео 2020 йил 2 май куни ҳам тарқатилган. Қўмита томонидан ҳолат ўрганилиб, ҳеч қандай чиқинди сув оқизилмаганлиги тўғрисида баёнот берилган.

Аввалроқ Ургутдаги «Сойгузар» маҳалласидан ўтувчи сойга чиқинди ташланаётганлиги юзасидан муносабат билдирилгани,Тойлоқда чиқинди ташлаб, атроф-муҳитни ифлослантирган фуқаро ҳамда Оқдарёда умумий овқатланиш шохобчасида чиқиндихона ташкил қилинганлар жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар