Самарқанд шаҳрида чиқиндиларни ташишни ривожлантириш учун 37 млн евродан ортиқ маблағ сарфланади

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида 2 ноябрь, душанба куни «Мароқанд Обод» давлат унитар корхонаси директори иштирокида шаҳар ҳудудида маиший чиқиндилар бошқарувини модернизациялаш бўйича техник кўмак кўрсатиш масаласига бағишланган брифинг бўлиб ўтган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, «Мароқанд Обод» давлат унитар корхонаси Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 июлдаги қарори билан тасдиқланган, Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги «Самарқанд шаҳрида қаттиқ чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш» инвестицион лойиҳасини амалга оширишни бошлаган.

Қайд этилишича, лойиҳадан кўзланган мақсад қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва биогаз ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш каби ечимларни татбиқ этган ҳолда шаҳарнинг санитария-экологик ҳолатини яхшилаш, атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини камайтиришдан иборат.

Хабарга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 37,2 миллион еврони ташкил этади. Мазкур маблағнинг:

  • 23,5 миллион евроси Франция тараққиёт агентлигидан 20 йиллик кредит;
  • 8 миллион евроси Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун инвестиция фондидан гранд;
  • 5,6 миллион евро Республика давлат бюджетидан ҳисобидан ажратилган.

Таъкидланишича, ҳозирда Франция ва германиялик консультант ҳамда лойиҳаловчи компаниялар билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида маиший чиқиндилар бошқарувини модернизациялаш бўйича техник кўмак кўрсатиш ишлари бошланган.

Бундан ташқари, лойиҳаловчи консультантлар томонидан чиқиндихона ҳудудида геотехник изланишлар якунлангач, эски чиқиндихонани ёпиш ва янги биореактор полигони қурилиши бўйича лойиҳалаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 2020 йил 6 май кунидаги қарорига асосан «Шаҳар марказий чиқиндихонаси» учун қўшимча жами 20 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу ер майдонида рекултивация ишларини бажариш, 4,5 гектар ер майдонига қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш ва қайта ишлаш учун махсус полигон ташкил этишга рухсат берилган.

Аввалроқ Қоракўлда «Тоза ҳудуд»нинг янги биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Самарқандда чиқинди полигонлари биноси ва махсус чиқинди ташувчи автотранспортлар дезинфекция қилингани маьлум қилинган.

Янгиликлар