Хориждан ўтган 11 ойда қанча ўзбекистонлик мигрантнинг жасади давлат ҳисобидан олиб келингани маълум қилинди

Хориждан 2020 йилнинг январь—ноябрь ойларида қанча ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг жасади давлат ҳисобидан олиб келингани маълум бўлди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Фото: «Daryo»

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг таъкидлашича, хорижга норасмий чиқиб кетган меҳнат мигрантлари қийин ва хавфли шароитларда қолган пайтларида давлат уларга бевосита ёрдам бермоқда.

«Охирги икки йил мобайнида энг муаммоли йўналишимиз бўлган меҳнат миграцияси масалаларига ҳам катта аҳамият қаратилиб, Президентимиз ва ҳукумат раҳбари томонидан бир қанча қарор ҳамда фармонлар имзоланди. Бу борада меҳнат мигрантларининг ижтимоий кафолатлари, меҳнат тарзи, уларни ўқитиш ва моддий ёрдам бериш масалаларигача, ҳаммаси ҳал этилиб, бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Хорижга норасмий чиқиб кетган меҳнат мигрантларимиз қийин ва хавфли шароитларда қолган пайтларида давлат уларга бевосита ёрдам бермоқда. Ҳатто самолётда учиб кетиши, 3 ойлик яшаши учун шароит ва озиқ-овқат билан таъминлаб бериш масаласида ҳам қонуний тадбирлар ишлаб чиқилди», — деди Умрзоқов.

Шунингдек, Баҳодир Умрзоқов 2020-йилнинг январь—ноябрь ойларида хориждан 211 нафар мигрантнинг жасади давлат ҳисобидан олиб келинганини маълум қилди.

«Энг оғири, меҳнат миграциясига кетганларнинг ҳалок бўлиши ёки жароҳат олишидир. Бу бўйича ҳам давлат томонидан ёрдам бериш мақсадида меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоялаш жамғармаси ташкил этилди. 2020 йилда чет элдан салкам 211 кишининг жасади давлат ҳисобидан олиб келиниб, жанозалари ўтказилди. Дафн маросимлари ташкил қилиниб, оилаларига моддий ёрдам берилди», — деди вазир ўринбосари.

Аввалроқ Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилгани маълум қилинган.

Янгиликлар