Наманганда газ «заправка»да навбатда турган ҳайдовчи вафот этди

Наманган шаҳридаги «Наманган суюқгаз» газ тўлдириш шохобчасида навбатда турган ҳайдовчилардан бири вафот этди. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар берди.

Фото: «Daryo»

Маълум қилинишича, воқеа 10 январга ўтар кечаси Наманган шаҳридаги «Юксалиш» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Наманган суюқгаз» газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган. Ҳайдовчи газ заправка яқинида «Жигули»сини суриб ҳаракатлантириб келаётган вақтида асфальтга йиқилиб, жароҳатланиши оқибатида вафот этган. Марҳум Наманган вилояти Косонсой туманининг «Ободон» маҳалласи яшовчиси И.Ж. экани аниқланган.

Хабарда И.Ж. тиббий тез ёрдам хизмати ходимлари етиб келган вақтда вафот этиб бўлгани таъкидланган. Шунингдек, унда юз соҳасида шилиниш жароҳатлари борлиги, танасининг бошқа қисмида тан жароҳатлари йўқлиги маълум қилинган. Маълумотларга кўра, 67 ёшли И.Ж.нинг касби механик бўлган. Шунингдек, у 4 ўғил ва 1 қизнинг отаси эди. Марҳумнинг жанозаси 10 январь куни аср намозидан сўнг ўқилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда газ «заправка»ларнинг иш тартиби ўзгаргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тошкентда газ қуйиш шохобчаларининг иш вақтига чеклов ўрнатилгани маълум қилинган.

Янгиликлар