Тошкентда газ қуйиш шохобчаларининг иш вақтига чеклов ўрнатилди

Тошкент шаҳрида 7 декабрдан бошлаб автомобилларга газ қуйиш компрессор станцияларида (CНГ ёқилғи қуйиш шохобчалари) газни етказиб бериш жадвалига вақтинча чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Тошкент» директори вазифасини бажарувчи Дилшод Ғофуров томонидан газ заправкалари раҳбарларига юборилган хатга таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги 54 та ёқилғи қуйиш шохобчасида янги иш тартиби жорий этилган. Унга кўра, шаҳарда соат 17:00 дан 05:00 га қадар газ таъминоти узилади.

«Ҳудудгазтаъминот» компанияси ушбу хабарни тасдиқлаган ва автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иссиқлик таъминоти билан шуғулланувчи корхоналарнинг катта диаметрли газ трубаларига уланганини таъкидлаган.

«Табиий газни Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларининг алоҳида маҳаллалари аҳолисининг зарур параметрлари билан таъминлаш ҳамда Шайхонтоҳур, Учтепа, Чилонзор туманларининг кўп қаватли уйлари ва ижтимоий объектларини иссиқлик билан таъминлайдиган 3, 5, 9, 10-савдо марказлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда табиий таъминотни вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган», — дейилади компания хабарида.

«Ҳудудгазтаъминот»нинг билдиришича, чеклов магистраль газ қувурларидаги босим яхшилангунга қадар амал қилади.

Аввалроқ Андижондаги барча АЁҚШлар 27 октябрдан соат 16:00 га қадар ишлаши белгилангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган ёқилғи қуйиш станциялари фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар