Ўзбекистонда газ «заправка»ларнинг иш тартиби ўзгарди

Ўзбекистонда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинча 15:00 дан кейин ишламайдиган бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «autostrada.uz»

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматовнинг 04-24-1 сонли факсограммасига асосан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 4 январдан бошлаб кундузги соат 15:00 дан эрталаб 5:00 гача газ етказиб бериш тўхтатилади. Ушбу чекловлар бутун республика бўйича амал қилади.

Мазкур ҳолат Гидрометеорология марказининг хабари асосида республика ҳудудида 2021 йил январь ойи давомида об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан татбиқ этилган. Шунингдек, ушбу қарор об-ҳавонинг кескин совиб кетгани учун аҳолини аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва стратегик ташкилотларни газ билан таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда газ қуйиш шохобчаларининг иш вақтига чеклов ўрнатилганди. Унга кўра, Тошкент шаҳридаги 54 та ёқилғи қуйиш шохобчасида янги иш тартиби жорий этилган бўлиб, шаҳарда соат 17:00 дан 05:00 га қадар газ таъминоти узилади.

Янгиликлар