Ўзбекистонда 2021 йилда авиа ва темир йўл чипталарига чегирма берилади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2021 йилнинг 9 январь куни «Спорт ва туризмни соҳаларини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий натижалари ҳамда 2021 йилги устувор вазифалар» мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда  «Kun.uz» хабар қилди.

Маълум қилинишича, брифингда иштирок этган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 2020 йилда 1 миллион 800 минг нафар маҳаллий туристлар сафари ташкил этилганини, 2021 йилда буни кескин ошириб, 7,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилганини таъкидлаган. Шунингдек, у Президент топшириғига биноан, маҳаллий аҳолининг саёҳат қилиши учун қулай ва арзон транспорт билан таъминлашда авиа ва темир йўл чипталарига 30 фоиз чегирма берилишини айтган.

Бундан ташқари, 2021 йилда транспорт логистикасидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги авиа ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилади. Андижон ва Хивани тўғридан-тўғри боғловчи темир йўл рейси, Фарғона ва Урганч авиарейси, Қаршидан Урганчга темир йўл ҳамда авиарейслар йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастурини жадаллаштириш мақсадида яна кўплаб чегирмалар жорий этилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда талаба ва ўқувчиларга поезд чипталари учун 50 фоиз чегирма берилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар