Ўзбекистонда талаба ва ўқувчиларга поезд чипталари учун 50 фоиз чегирма берилади

Ўзбекистонда 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 10 январгача олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида таълим олаётган талабалар ҳамда ўқувчиларга поезд чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг маълум қилишича, мазкур чегирмалар талабалар ва ўқувчиларнинг қишки ўқув таътилини мароқли ўтказиши ҳамда мамлакат бўйлаб саёҳат қилишига қулайлик яратиш мақсадида жорий этилмоқда. Шунинндек, қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросида бериб борилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда чегара ўтказиш пунктлари орқали республика ҳудудига кириб келаётган хорижий олий таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар учун коронавирусга тест топшириш нархи арзонлашгани ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари Ўзбекистон ОТМларида 16 январдан анъанавий ўқиш бошланиши тўғрисидаги хабар рад этилган эди. Шунингдек, ОТМ талабаларига академик таътил берилиш тартиби маълум қилинган эди.

Янгиликлар