Ўзбекистон ОТМларида 16 январдан анъанавий ўқиш бошланиши тўғрисидаги хабар рад этилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 16 январдан анъанавий ўқиш бошланиши тўғрисидаги хабарга изоҳ берди.

Фото: «Uzedu.uz»

Таъкидланишича, 12 декабрь, шанба куни ижтимоий тармоқларда «2021 йил 16 январдан барча онлайн шаклда ўқиётган талабалар учун ўқув жараёни анъанавий шаклда бошланади», деган нотўғри хабарлар тарқалган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълум қилишича, олий таълим муассасаларининг барча талабаларини тўлиқ анъанавий таълим шаклига ўтказиш режалаштирилмаган.

«Мазкур масалада янгилик бўлса, вазирлик расмий веб-сайти ва Telegram канали орқали маълум қилинади», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 12 ноябрдаги йиғилиши қарори билан Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида 16 ноябрь, душанба кунидан ўқув жараёнини анъанавий шаклда давом эттириш белгилангани ҳақида хабар берилганди.

Аввалроқ Ўзбекистон олий таълим муассасаларида февраль ойидан анъанавий таълим шакли бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Ўзбекистон мактабларида таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинган. Яъни аксарият ота-оналар талабига кўра анъанавий, шу билан бирга, масофавий шаклда йўлга қўйилади.

Янгиликлар