«Мен кўрган маҳаллани ҳокимлар ҳам кўрсин, ўша маҳалла ҳидини татиб кўрсин» – Президент мажлисбозликни йўқотиш ҳақида

Айни дамда селектор йиғилишини ўтказаётган Шавкат Мирзиёев ҳокимлардан мажлисбозликни йиғиштириб, амалий ишга ўтишни талаб қилган. Бу ҳақда Xabar.uz мухбирига асосланиб EuroAsia хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мажлис ўтказган ҳоким ишдан кетади. Амалдорларимиз маҳаллага тушиб, одамлар орасида ўтказсин йиғилишини. Мен кўрган маҳаллани ҳокимлар ҳам кўрсин, ўша маҳалла хидини татиб кўрсин. 10-15 кишидан ортиқ одамни йиғиб, мажлис қилмоқчи бўлган ҳоким Бош вазирдан рухсат сўраши керак. Тўрт-беш соатлаб мажлисбозлик қилишни йиғиштириш лозим. Бу вақт ичида қанча иш қилиб юбориш мумкин», – деган давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев маҳалла раиси ва профилактика нозирини мажлисга чақиришни бас қилиш шартлиги, Тошкентдан бориб вилоят ва туманларда йиғилиш ўтказиш ман этилиши ҳақида таъкидлаган.