Ўзбекистонда давлат бюджетининг 6 ойлик дефицити миқдори маълум қилинди

Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик даромадлари 58 триллион 157 миллиард сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилган. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, даромадларнинг 19 триллион 739,6 миллиард сўми бевосита солиқлар, 21 триллион 510,8 миллиард сўми билвосита солиқлар, 9 триллион 695,4 миллиард сўми ресурс тўловлари ва мулк солиғи ҳамда 7 триллион 211,2 миллиард сўми бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилган.

Давлат бюджетининг 1-ярим йиллик харажатлари эса 64 триллион 878,9 миллиард сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,4 фоизни ташкил этган.

Жами харажатлар таркибида ижтимоий соҳа харажатлари энг кўп улушга эга. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган ташкилот ва муассасаларни сақлаш ҳамда соҳага тааллуқли тадбирларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 34 триллион 665,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

2020 йил 1-ярим йиллик давлат бюджети дефицити 6 триллион 721,9 миллиард сўмни ташкил этди. Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми 12 триллион 870,7 миллиард сўмни, харажатлар қисми эса 20 триллион 203,3 миллиард сўмни ташкил этган.

Аввалроқ Самарқандда олти ой давомида қанча янги корхона ва ташкилотлар рўйхатга олингани ва чет давлатлардан қанча қорамол келтирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар