Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев 10 август, душанба куни Беларусь президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони бўлиб ўтган президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга Беларуснинг барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида янги зафарлар тилади.

Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги анъанавий яқин ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилди. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги алоқалар, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Шунингдек, олий даражадаги келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси бўйича лойиҳаларни илгари суриш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш мақсадида ўзаро мулоқотни, шу жумладан, қўшма ҳукуматлараро комиссия доирасида фаоллаштиришга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлаган эди.

Янгиликлар