Андижонда 39 ёшли аёл 11-фарзандини дунёга келтирди
Андижон вилояти Андижон шаҳрида 39 ёшли аёл ўн биринчи фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги «Янги ҳаёт» МФЙда яшовчи Шукур ва Насиба Қодирохуновлар оиласида ўн биринчи фарзанд дунёга келган. Вилоят перинатал марказида 7 сентябрь куни туғилган чақалоқ ва онанинг аҳволи яхши экани қайд этилган.
«Ўзим ҳам серфарзанд оилада туғилиб ўсганман. Етти қиз ва бир ўғилнинг бешинчисиман. 21 ёшимда турмушга чиққанман. Ўша пайтда жуда кеч оила қурдим, деган фикрда юрардим. Негаки синфдош қизларнинг деярли барчаси оилали бўлган эди-да. 22 ёшга тўлганимда илк фарзандим туғилди. Унга Шукрона исмини қўйдик. Тўнғичим ҳозир 18 ёшда. Шундан сўнг Яратган бир этак – 8 қиз, 3 ўғил ато этди. Хўжайинимнинг исми Шукрулло бўлганлиги боис фарзандларимиз исмини ҳам ўз исми бош ҳарфига атай мос келтириб қўйган. Шукрона, Шунқорбек, Шоҳидбек, Шукуфа, Шукура, Шонисо, Шаҳина, Шавқия, Шайҳулло ва Шамсинурнинг сафи яна бир нафарга кенгайганидан беҳад хурсандмиз. 3,9 килограмм вазнда туғилган саккизинчи қизимизга Шодиёна исмини қўйиш ниятидамиз», — деди она Насиба Қодираохунова.
Андижон вилояти перинатал маркази дояси Умида Нажмиддинованинг таъкидлашича, она ҳеч қачон бирор боласини кесарча кесиш орқали туғмаган.
«Насибахоннинг беш нафар фарзандини туғдириш пайтида қатнашганман. Барча ҳамкасблар уни яхши таниймиз. Ҳар гал туғруқ жараёнида қийналмай, табиий йўл билан дунёга келтиради. Бу сафар ҳам ўз кучи билан туғди. Ҳеч қачон кесарча кесиш ҳолати кузатилмаган. У шифокорларга ҳам тез-тез мурожаат қилмайди, жуда ҳам соғлом аёл. Турмуш ўртоғи яхши парвариш қилгани боис 11 фарзанднинг онасига сира ўхшамайди. Ҳозир она-боланинг ҳолати яхши. Насибахонга кўплаб ёш оналар ҳавас қилишади», — дейди доя Умида Нажмиддинова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ 106 миллион сўм нафақа пуллари тўлаб берилгани ҳақида хабар берилган эди.