Қоровулбозорда 10 сентябрдан пахта терими бошланди
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 10 сентябр, пайшанба кунидан пахта териш ишлари бошланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, вилоят ҳокимининг ўринбосари Санъатилло Ҳикматов бошчилигидаги ишчи гуруҳи туманда, ҳудуд секторлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига алоқадор ташкилот ва корхоналар мутасаддилари ғўза парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларнинг боришини ўрганди.
Ўрганиш жараёнида туманнинг пахта далалари теримга тайёр эканлиги аниқланиб, нес-нобуд қилмасдан белгиланган режани бажаришга киришилиши маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қоровулбозор туманида 5905 га ер майдонларига «Бухоро 6», «Бухоро 10» навли чигит қадалган. Режага асосан туманнинг 147 та фермер хўжаликлари томонидан жами 13 260 тонна пахта ҳосили олинади.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро туманида 2020 йилда пахтадан салкам 30 минг тонна ҳамда Олотда 27,5 минг тонна ҳосил олиниши режалаштирилгани ҳақида хабар қилинади.