AҚШ Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда ёрдам бериш учун 2,23 млн долларлик тиббий жиҳозлар етказиб берди

AҚШ Ўзбекистонга 9 октябрь куни COVID-19’га курашиш ҳаракатларини қўллаб қувватлаш учун 2,23 миллион долларлик тиббий жиҳозлар етказиб берди. Бу ҳақда AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали етказиб берилган лаборатория ускуналари ва 100 мингта тест ўтказиш учун зарур бўлган реагентларни ўз ичига олган ушбу ёрдам мамлакатнинг COVID-19’ни аниқлаш учун хавфсиз ва тезкор синов ўтказиш салоҳиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

«COVID-19 нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда одамларнинг кундалик ҳаёти ва яшаш тарзига таҳдид бўлиб қолмоқда. Ушбу вирус ҳеч кимни четлаб ўтмади. Ўзимиз, яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимизга таъсир қилди. Йўқотган ҳар бир кишимиз, ёпилган ҳар бир корхона ва унинг оқибатида жабрланган одамлар учун ҳам биз вирусга қарши курашишни давом эттиришимиз зарур. Бу курашда биз, ҳаммамиз, биргамиз. AҚШ ҳукумати ўзбекистонлик ҳамкорлари билан мамлакатда халқ саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш тамойилига содиқ қолади», — деди AҚШ элчихонасида миссия бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи Aлексис Салливан.

Қайд этилишича, келтирилган жиҳозлар AҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда кўрсатаётган ёрдамининг бир қисмидир. Шу кунгача AҚШ ҳукумати Ўзбекистонга пандемияга қарши курашишда ёрдам бериш учун 8,8 миллион доллар ажратган.

Аввалроқ Туркия ва Италия компаниялари Ўзбекистонга инсонпарварлик юкларини жўнатгани хабар қилинган эди. Шунингдек, ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 300 минг долларга тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партиясини етказиб бергани маълум қилинган эди.

Янгиликлар