Тошкентда вақтинча сақлаш учун олинган 100 тонна ип-калава пулини «еб юборган» раҳбарларга иш очилди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида корхонанинг 2,4 миллиард сўмлик маҳсулотини ўзлаштирган жамият раҳбарларига жиноий иш очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «R.G.» МЧЖ раҳбари Ш.Р. ва бошқалар олдиндан тил бириктиргани аниқланган. Унга кўра жамият омборига «S.T.» хусусий корхонаси билан тузилган шартномага асосан вақтинча сақлаш учун топширилган умумий қиймати 2,4 миллиард сўмлик 100 тонна ип-калава маҳсулотини бошқаларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р. ва бошқаларга Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда ҳужжатларни сохталаштирган мансабдор 276 миллион сўм мукофот пулини ўзлаштиргани, Фарғонада фирибгарлик билан фуқаронинг салкам 22 минг доллар ва 167 миллион сўм пулини ўзлаштирган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Тошкентдаги  бозор директорининг ўзлаштирган пулларига 5 хонали квартира ва «Trailblazer» сотиб олгани аниқланган.