Тошлоқда фирибгарлик билан фуқаронинг салкам 22 минг доллар ва 167 млн сўм пулини ўзлаштирган эркак ушланди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида фирибгарлик билан фуқаронинг сакам 22 минг доллар ҳамда 167 миллион сўм пулини ўзлаштирган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошлоқ туманида 2019 йилнинг куз ойларида фуқаро П.А. таниши М.Э.нинг ишончига киради. П.А. 900 доллар ва 159 200 000 сўм эвазига арзон нархда мусодара қилинган маҳсулотлардан олиб беришни, 7 800 000 сўм ва 7000 доллар эвазига эса Фарғона шаҳридаги уйлардан бирини олиб беришни ваъда қилади. Шунингдек, П.А. 7500 доллар ва нархи 6000 долларлик «Spark» эвазига Марғилон шаҳар буюм бозоридан 3 дона савдо шохобчаси олиб беришни айтиб, М.Э.ни ишонтиради.

Бундан ташқари П.А. 500 доллар эвазига танишлари орқали М.Э.нинг жарима майдонида сақланаётган автомашинасини олиб чиқиб беришини айтиб, жами 21 900 доллар ҳамда 167 000 000 сўм пулларини олиб, алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш боршқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошлоқда терговдан яширингани учун қидирувда бўлган эркак ушланганди. Шунингдек, Тошлоқда машина ичидан фуқаронининг 400 долларини ўғирлаган шахслар қўлга олингани хабар қилинди.

Янгиликлар