Тошлоқда машина ичидан фуқаронининг 400 долларини ўғирлаган шахслар қўлга олинди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 22 сентябрь куни машина ичидан фуқаронинг 400 долларини ўғирлаб кетган шахслар ушланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 22 cентябрь куни фуқаро И.A. туман ИИБга қилган мурожаатида бу ҳақда маълум қилган. Унинг аризасига кўра, номаълум шахс «Янгиқўл» маҳалласи йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи «Damas» русумли автомашинада эгнидаги кўйлаги чўнтагида бўлган 400 доллар миқдордаги пулларини киссавурлик йўли билан ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Тошлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятларни Н.У. ва У.У. содир этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Чустда 7 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган шахсга жиноят иши очилгани, Попда 650 килограммга яқин кўмир ўғирлаганлар қўлга олингани ҳамда Қўқонда савдо мажмуасидан қиймати 2 миллион сўм бўлган узук ўғирлаган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар