Чустда 7 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган шахсга жиноят иши очилди

Наманган вилояти Чуст туманида 7 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Чуст туманида яшовчи фуқаро 17 cентябрь куни ариза билан мурожаат қилиб, 15 cентябрь куни соат 22:30 ларда яшаш уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган номаълум шахс ҳовлисига дарвоза орқали кириб, нархи 7 миллион сўм бўлган бир бош қорамолини ўғирлаб кетаётганида қўшнилари томонидан ушланганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Маълум қилинишича, олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида бу жиноятни содир этган шахс Чуст шаҳрида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро эканлиги аниқланиб, тегишли кўрсатмалар олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қувасойда дала майдонида қаровсиз қолдирилган қорамолни ўғирлаганларга жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Андижонда бир бош қорамол ўғирлаган шахслар уни 7 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олингани, Фарғонада икки бош қорамолни ўғирлаган шахс ушлангани ҳамда Қозоғистондан ноқонуний равишда 190 бош қўй-қўзи олиб ўтган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар