Қувасойда дала майдонида қаровсиз қолдирилган қорамолни ўғирлаганларга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 18 август куни қаровсиз қолдирилган, нархи 5 миллион сўмдан ортиқ қорамолни ўғирлаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 18 август куни фуқаро К.Т. Қувасой шаҳар ИИБга мурожаат қилиб, унда 27 июлдан 28 июль кунига ўтар кечаси номаълум шахс «Дўстлик» МФЙ ҳудудида жойлашган дала майдонида қаровсиз қолдирилган, нархи 5 200 000 сўмлик бир бош қорамолини яширин равишда ўғирлаганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни О.Ф., А.Л., ва Р.З. содир этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Андижонда бир бош қорамол ўғирлаган шахслар уни 7 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олингани, Фарғонада икки бош қорамолни ўғирлаган шахс ушлангани ҳамда Қозоғистондан ноқонуний равишда 190 бош қўй-қўзи олиб ўтган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар