Қўқонда савдо мажмуасидан қиймати 2 млн сўм бўлган узук ўғирлаган аёл ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида савдо мажмуасидан қиймати 2 миллион 100 минг сўм бўлган узук ўғирлаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 6 сентябрь куни Т.Қ. исмли аёл Қўқон шаҳар ИИБга мурожаат қилган. Мурожаатномада 5 сентябрь куни соат 12:00 да номаълум шахс Усмон Носир кўчасида жойлашган савдо мажмуасидаги раста устида қаровсиз қолдирилган бир дона, нархи 2 миллион 100 минг сўм бўлган «Капалак» номли аёллар тилла узугини ўғирлаб кетгани қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Э.О. исмли аёл содир этганлиги аниқланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада ўғрилик қилиб, терговдан яширинган шахс ва Олтиариқда танишидан 41 миллион сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сўхда мижозларнинг пластик картасидан жами 150 миллион сўм ўғирлаган банкир ҳамда Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар