Янгийўлда машинасида 382 млн сўмлик психотроп дориларни олиб кетаётган эркак ушланди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида 382 миллион сўмлик психотроп дориларини Тошкентга олиб ўтмоқчи бўлган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Янгийўл туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан 2020 йилнинг 15 октябрь куни тадбир ўтказилган. Тадбирда Самарқанд вилоятида яшовчи 32 ёшли И.Х. «Cobalt» автомашина Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтида М-39 автомагистралининг Янгийўл туман ҳудудида тадбир иштирокчилари томонидан гумонланиб тўхтатилган.

Хабарга кўра автотранспорт воситасининг салони кўздан кечирилганда пакетлар ўралган, таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган, бирламчи нархи 382 миллион сўмга тенг жами 3 минг 820 дона «Селофен» дори воситалари борлиги аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган. Ушланган шахс билан ўтказилган суриштирувда у ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситаларини таниши, Самарқанд вилоятида яшовчи 27 ёшли М.Х.дан сотиб олганлиги аниқланган. Тадбир давомида фуқаро М.Х. ҳам қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан И.Х. ҳамда М.Х.га нисбатан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 2511-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилдан жиноятни содир этган шахс бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада қиймати 117 миллион сўмдан ортиқ сифатсиз дориларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар аниқлангани ва Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак қўлга тушгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олингани ҳамда Ургутда салкам 1 килограмм опийни 13,4 минг долларга сотаётган жиноий шериклар ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар