Тошкентда эшакни «Spark»да судраган ҳайдовчига чора кўрилди — видео

Тошкент шаҳри Олмазор туманида эшакни «Spark»да судраган ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 30 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Нима бу аҳвол? Ҳайвонни шунчалик қийнаш шартми?» сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалган.  Видеода «Spark» русумли транспорт воситаси орқа томонига арқон билан эшак бойлаб қўйилгани ва автомобиль ҳаракатланиб, ҳайвонни судраб кетаётганлиги ҳолати акс этган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда, 2020 йилнинг 27 октябрь куни соат 11:00ларда, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Сағбон кўчасида ҳайдовчи 1992 йилда туғилган Ф.Ғ. ўз бошқарувидаги «Spark»нинг орқа томонига арқон билан эшакни боғлаб олганлиги, ҳайвонни судраб ҳаракатланганлиги маълум бўлган.

Олмазор тумани 7-сонли ИИБ масъуллари томонидан ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, кўриб чиқишлик учун туман Маъмурий судига юборилган. 3 декабрь куни Олмазор тумани Маъмурий суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддасида келтириб ўтилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун фуқаро Ф.Ғ.га нисбатан БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Аввалроқ бу воқеа Aндижонда юз бергани айтилан эди. Суриштирувлар натижасида мазкур ҳолат Тошкентда бўлгани аниқланган. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан баёнот берган.

Шунингдек, Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилгани маълум қилинган.