Тошкентда жамоат транспортларида нақд пул орқали тўлов қилиш тизими бекор қилиниши мумкин

Жамоат транспортида тўлов услуби 2021 йил 1 январдан ўзгариши мумкин. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти ахборот хизмати

Хабарда январь ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспортларидан фойдаланганда нақд пул орқали тўлов қилиш тизимини бекор қилиш режалаштирилаётгани маълум қилинган. Тўловда нақд пул ўрнида ягона транспорт картаси фойдаланилади.

Шунингдек, қоғоз шаклидаги ойлик йўл чипталари ҳам бекор қилинади. Алоҳида имтиёзга эга шахслар, талабалар ва ўқувчилар учун ҳудди шу кўринишдаги карталар жорий этилиши айтиб ўтилган.

Аввалроқ Тошкентда 15 декабрдан баъзи автобуслар йўналиши ўзгариши, Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши, Тошкентда ягона жамоат транспорти картаси пулли бўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, Президент аҳолининг йўловчи ташиш хизматларидан норози эканини таъкидлаганди.

Янгиликлар