ИИВ тиктокерларнинг масхаромуз ҳаракатлари бўйича ота-оналарни огоҳлантириб, мурожаат қилди — видео

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда тезликда оммалашаётган TikTok ижтимоий тармоғида аудитория орттириш учун жамоат жойларида турли беодоб видеолар олаётган тиктокерларни маъмурий жавобгарликдан огоҳлантирди.

Фото: «Tez News»

«Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхаромуз, одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизни тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз, биз бундай ахлоқсизликка йўл қўймаймиз.

Эсингизда бўлсин, фарзандизга ҳам буни уқтиринг! Фуқароларнинг осойишталигини ҳамда жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланади ва 15 суткагача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Огоҳлантирамиз, фарзандларингизни назорат қилинг, ёшлигидан талтайтириб, кейин афсусланиб юрманг», — дейди вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Аввалроқ «MY5» телеканалида «Amirxon Umarov Show» кўрсатувида экспертлардан бири Шоира Изокова TikTokʼдаги қизларни танқид қилиб, уларга ким ўйланади, 50–60 ёшга тўлганда ўзи шу видеони кўриб уялмайдими, деган саволни ўртага ташлагаганди. Шунингдек, Гулистондаги чорраҳада TikTok учун рақсга тушган йигитларга чора кўрилгани хабар қилинган.

Янгиликлар