Ўзбекистонда ўн учинчи март куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
Ҳукуматнинг (96-F, 10.03.2021й) фармойишига биноан, Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, шунингдек маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 13 март куни мамлакатнинг барча ҳудудларида «Обод ва кўркам маҳаллам» ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланди.
Хабарга кўра, умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбек Раматов раҳбарлигида ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланган.
Хайрия ҳашарини ўтказишда қуйидагиларга эътибор қаратиш алоҳида қайд этилган:
- маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш;
- «Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам» шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва буташ;
- умумхалқ ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишларини амалга ошириш;
- автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланганлигини қатьий назоратга олиш;
- ушбу тарғибот-ташвиқот тадбирларида жойларда иш берувчилар томонидан ҳашарда кўзда тутилган ишлар учун ишчиларни мажбурий тарзда жалб этишга мутлақо йўл қўймаслик, шундай ҳолатларга йўл қўйган мутасаддиларга жазо чораларини қўллаш.