Бухоро соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вилоятдаги эпидемиологик вазият юзасидан ахборот берди

Бухоро вилоятида эпидемиологик ҳолат бўйича брифинг ташкил этилди. Унда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев вилоятдаги эпидемиологик вазият юзасидан ахборот берди, дея ёзади Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«2020 йил 11 август куни тушгача бўлган ҳолатга назар солсак, тизимли равишда олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, вилоятимиз шаҳар ва туманларида касалликни юқтирганлар умумий сони 971 нафар, шундан, 339 нафар бемор карантин объектларида, 572 нафари аҳоли орасида ва сўнгги бир кунда даволанганлар сони 10 нафарни ташкил этмоқда», — дейилади брифингда.

Коронавирусга чалинганларнинг 6 нафари  оғир, 10 нафари ўрта оғир аҳволда. Шунингдек, COVID-19 билан ёнма-ён хавф солаётган пневмония касаллиги билан оғриётганлар ҳам элликка яқин.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, кардиология диспансерида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, Когон, Ғиждувон, Қоракўл, Олот, Пешку, Вобкент каби туманлар тиббиёт бирлашмаларида стационар даволанаётган 70 нафар бемор дарддан бутунлай фориғ бўлиш арафасида», — деди Илҳом Нарзиев.

Шунингдек, республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида касалликни алоҳида симптомларсиз, енгил кўринишда бошидан кечираётганлар учун шаҳар ва туманларда мавжуд оилавий поликлиникаларда ташкил этилган мобиль гуруҳлар ҳаракатини жонлантириб, уларга уй шароитида алоҳида врач бириктирган ҳолда даволаниш кўникмалари тарғиб этилаётганлиги маълум қилинди.

Таъкидланишича, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан етказилган 7 мингта дори воситалари тўпламидан 5 минг 344 тасини манзилли равишда тарқатилган. Қолаверса, даволаш ишларининг самарадорлигига эришиш мақсадида пойтахтдан 10 нафар тор доирадаги катта малакага эга врач таклиф этилиб, шу кеча-кундузда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида нисбатан касалликни оғир кечираётган беморларни даволаш жараёнига жалб қилинган.

Брифингда йиғилганларга сўнгги бир ҳафта-ўн кун давомида коронавирусни юқтириш ҳолатлари вилоятда ҳам сезиларли камайгани, бу борадаги даволаш ва тиббий-профилактика ишлари, қолаверса, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда тизимли чоралар кўрилаётгани, зарур тиббий жиҳозлар ҳамда дори-дармон захирасини яратишга дахлдор батафсил маълумотлар берилди.

Аввалроқ Бухорода 10 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши хабар қилинган эди. 

Янгиликлар