Марғилонда дўсти билан гаров ўйнаб, «Nexia»га 3 тонна цемент юклаган фуқарога чора кўрилди
Фарғона шаҳри Марғилон туманида дўсти билан гаров ўйнаб, «Nexia»га 3 тонна цемент юклаган ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 6 август куни марғилонлик фуқаро дўсти билан ўз автомашинаси устида гаров ўйнаган. Гаровга кўра, фуқаро машинасига 3 тонна цемент юклаган, «Қашқар» маҳалласи бўйлаб ҳайдаб ўтган.
Қайд этилишича, Фарғона ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳайдовчига нисбатан Йўл ҳаракати қоидларининг 160-бандида кўрсатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Aввалроқ Қўқонда танишига автомашина олиб беришни ваъда қилиб, уни 15 миллион сўмга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди. Бешариқда «Lacetti»ни олиб қочган вояга етмаган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Фарғонада маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учрагани қайд этилганди.