Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийнинг ишдан кетгани ҳақидаги хабарни рад қилди

Ижтимоий тармоқларда 8 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси — муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, «Azon.uz» сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган хабарлар тарқалган эди. Мусулмонлар идораси ушбу хабарларни инкор этиб, расмий баёнот берди.

Фото: «uzdaily.uz»

Баёнотда мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ «Azon.uz» таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилгани таъкидланган.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов ҳазратлари фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Биз фазилатли муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳдан сўраймиз», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Мусулмонлар идораси аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, қаттиқ қораланиши, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтган.

Аввалроқ диний қўмитанинг самарқандлик сохта пайғамбар видеосига муносабат билдиргани хабар қилинган эди. 

 

Янгиликлар