Бухорода ҳоким сайёр қабулига келиб тушган 50 дан ортиқ мурожаатнинг 11 таси ҳал этилди

Бухорода 11 сентябрь куни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаровнинг сайёр қабулига келиб тушган 50 дан ортиқ мурожаатнинг 11 таси ҳал этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 11 сентябрь куни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаровнинг Пешку туманида аҳоли билан сайёр қабули ўтказилган. Унда вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, халқ қабулхонаси вакиллари, вилоят ва туман корхона, ташкилот, муассасалар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.

Сайёр қабулда фуқароларнинг коммунал соҳа, бандликни таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, банк кредити, уй-жой учун ер ажратиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганиб чиқилди.

«Бизнинг Қўрғон қишлоғи аҳолисини кўп йиллардан бери қийнаб келаётган масалалар бор. Жумладан, кейинги йилларда аҳоли сонининг ошгани ҳисобидан қишлоқдаги трансформаторнинг электор энергияси билан таъминлаш қуввати пасайди. Аниқроқ айтсам, у яроқсиз ҳолга келиб қолган. Кунда ёки кунора ‘чироқ ўчиб қолди, қачон ёнар экан?’ деган хавотир билан яшаймиз. Бундан ташқари, қишлоқ ички йўллари таъмирланмаган. Майли, ‘асфальтлаштириб беринглар’, демаймиз. Бу иш катта маблағ ва муддат талаб этишини биламиз. Лекин бир эпақага келтиришни иложини қилсангизлар. Олдинда қиш-қировли кунлар бор. Ниҳоятда қийналиб қоламиз», — «Дўстлик» маҳалласидаги Қўрғон қишлоғида яшовчи Рафиқ Ҳалимов.

Вилоят раҳбари қўрғондаги трансформатор октябрь ойига қадар янгиланиб, ички йўллар шағаллаштирилишини айтди.

«Ўзбек» маҳалласидаги Нурафшон қишлоғида яшовчи Жумагул Бақоева эса пахта йиғим-терим мавсуми бошланишига оз фурсат қолганини, қишлоқдаги кўпчилик хотин-қизлар ушбу мавсумда фаол иштирок этишини билдирган. Бироқ ёш боласи борлар учун боғча зарурати пайдо бўлганлигини айтган.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латиповнинг маълум қилишича, нафақат Пешку туманида, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам МТМлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳаракатлари бошлаган.

Қабул давомида вилоят раҳбарига 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Муаммоли масалалар юзасидан мурожаатларнинг 11 таси жойида ҳал этилган. 7 та фуқарога хуқуқий тушунчалар берилган. 34 та мурожаат бўйича тегишли вилоят раҳбарларига ижроси қонун доирасида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этиш топшириғи берилган.

Бундан ташқари, сайёр қабулда тумандаги корхона ва ташкилотларнинг бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилган.

Аввалроқ Пешку ҳокимининг сайёр қабулида 11 нафар фуқаронинг мурожаатлари, Қоракўлда ташкил этилган вилоят прокурори иштирокидаги сайёр қабулда эса 10 дан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилгани хабар қилинган.

Янгиликлар