Ўзбекистонда болалар ва аёллар бир қатор дорилар билан бепул таъминланади

Ўзбекистонда 2021 йилнинг ёз фаслидан болалар ва аёллар бир қатор дорилар билан бепул таъминланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 10 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан:

  • 6—23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «А» витамини билан;
  • 2—10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3—15 ёшдаги болалар ёд препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.

Бундан ташқари, ушбу қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июлдан:

  • озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш ихтиёрий равишда амалга оширилади;
  • таълим, спорт ва тиббиёт муассасаларида хавфсизлик белгиси билан тамғаланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга йўл қўйилмайди ҳамда бундай маҳсулотларни реализация қилиш савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан республикага сотиш учун олиб кириладиган ва маҳаллий ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан мажбурий тартибда тамғаланади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини белгилаш давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Лазиз Тўйчиев зиммасига юклатилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тузилиши ва Ўзбекистонда пенсия тайинлашда талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йилдан офатлар оқибатида йўқолган ҳужжатни тиклашда тўлов ундирилмаслиги ҳамда Ўзбекистонда тадбиркорларни текширишнинг амалдаги тартиби бекор қилиниши маълум қилинганди.

Янгиликлар