Ўзбекистонда тадбиркорларни текширишнинг амалдаги тартиби бекор қилинади

Президент томонидан 2020 йил 9 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Хабарга кўра, қонун билан 10 та қонун ва 2 та кодекс талаблари Солиқ кодексига мослаштирилди.

Хусусан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилиб, тадбиркорларни текширишнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, текшириш талаби Солиқ кодексига мослаштирилди.

Шунингдек, энди тадбиркорларни текшириш «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилади.

Қайд етилишича, ундан буён солиқларнинг камерал текширувидан бошқа барча текширишлар электрон тизимда рўйхатга олинади. Электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмасдан ўтказилган текширувлар қонунга хилофдир.

Ўтказилган текширувлар натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар тугатилгандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Маълумот ўрнида, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Aввалроқ Фарғонада Тадбиркорлик ва бизнес академияси ташкил этилди. Талабалар «Alibaba»да ишлаши ва Фарғонада сўнгги 10 ойда 10 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тиклангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар