Фарғонада Тадбиркорлик ва бизнес академияси ташкил этилди. Талабалар «Аlibabа»да ишлайди

Фарғона шаҳрида Тадбиркорлик ва бизнес академияси ташкил этилди. Бу ҳақда Экспортчилар уюшмаси матбуот хизмати «Тez News»га хабар берди.

Хабарга кўра, академияга ҳозирча 40 нафар талаба қабул қилинади. Талабалар халқаро савдо ҳуқуқи, логистика, маркетинг, рақамли тижорат йўналишлари бўйича ўқитилади.  Талабгорлар ёш, бизнес муҳитидан хабардор ва чет тилларини билиши тавсия этилган. Улар илк кунданоқ Хитойнинг «Аlibabа» компаниясида иш бошлайди.

Фото: Экспортчилар уюшмаси матбуот хизмати

Шунингдек, талабалар ҳар бир амалга оширган электрон тижорий иши учун  1 фоиздан 5 фоизгача хақ олади.

Таъкидланишича, академия биноси замонавий дизайнга эга. Хоналар планшет, электрон доска ва китоблар ҳамда онлайн савдога мўлжалланган компьютерлар билан жиҳозланган.

Фото: Экспортчилар уюшмаси матбуот хизмати

Ўқиш 3 ой давом этиб, дарслар ҳафтада 6 кун, икки сменда 4 соатдан ўтилади. Академияда Жаҳон савдо ташкилотининг махсус курсларида тайёрланган ўқитувчилар дарс беради. Битирувчилар жаҳон электрон платформасида тан олинган  халқаро сертификатга эга бўлиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, республикада илк экспорт ҳалқаси тузилгани маълум қилинган. Ҳалқа, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси, Жаҳон савдо ташкилоти, «Alibaba» компанияси ҳамда Фарғона шаҳрида очилган янги бизнес академиясидан иборат.

Аввалроқ Наманганда Урал давлат тиббиёт университети филиали ташкил этилиши ва Фарғонада АҚШнинг Вебстер университети филиали очилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар