Фарғонада AҚШнинг Webster университети филиали очилади

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Webster университети ўртасида 5 ноябрь, пайшанба куни видеомулоқот ташкил этилиб, унда мазкур олий таълим муассасасининг филиалини очиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона  вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, Webster университети президенти Жулиян Шустер, инновациялар бўйича директор ва талабаларни қабул қилиш бўйича вице-президент, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари ва бошқа масъуллар иштирок этган.

Фото: Фарғона  вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, мулоқотда университет президенти Фарғона вилоятида филиал очиш ҳамда сифатли таълим тизимини амалга ошириш таклифини билдирган. Шунингдек, университетнинг таълим дастурлари, бакалавриат босқичи ва магистратуранинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилган.

Ҳокимликнинг хабар беришича, мулоқотда ҳар икки томонни қизиқтирган масалалар ўртага ташланиб, ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинган.

Фото: Фарғона  вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Webster университети AҚШнинг нуфузли ОТМларидан бири бўлиб, унинг кўплаб давлатларда 60 дан ортиқ филиаллари бор. Хусусан, 2019 йил Марказий Осиёдаги филиали — Тошкент шаҳрида таълим дастурларини амалга ошириш маркази очилди ва бу ерда бакалавриатнинг асосий 14 та таълим йўналишлари ҳамда 16 та магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши, Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилиши, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар