Наманганда Урал давлат тиббиёт университети филиали ташкил этилади
Наманган вилояти ҳокимлигида 7 ноябрь куни Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тадбир бўлиб, унда Наманганда тиббиёт институти филиали ташкил этилиши айтиб ўтилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъдиланишича, вилоятдаги 220 та давлат тиббиёт муассасасида 40 минг нафардан ортиқ шифокор, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходими ишлайди. Шифокорлар сафида 4 нафар фан доктори ва 24 нафар фан номзоди бор. Вилоятда нодавлат тиббиёт муассасалари ҳам кўпайиб, уларнинг сони салкам 400 тага етди. Уларда ҳам 4 мингдан ортиқ тиббиёт ходими фаолият олиб боради.
Хусусий секторга тўғридан-тўғри чет эл инвестициясини жалб этиш бўйича Буюк Британия, Германия ва Италия компаниялари билан ҳамкорликда 3 та йирик лойиҳа устида иш олиб борилди. Шунингдек, 2019 йили Наманган давлат университети ва Урал давлат тиббиёт университети ҳамкорлигидаги қўшма тиббиёт факультети очилди. Факультетда ҳозирда жами 141 нафар талаба таҳсил олaди. Давлат раҳбари кўрсатмасига асосан келгусида Наманган шаҳрида тиббиёт институти филиалини очиш ва вақт ўтиши билан уни алоҳида муассасага айлантириш режалаштирилган.
«2020 йил халқимиз, хусусан, саломатлик посбонлари учун мислсиз синов ва катта имтиҳон даври бўлиб қолмоқда. Бутун дунёни саросимага солиб қўйган коронавирусга қарши курашда наманганлик шифокорлар ҳам фидойилик намуналарини кўрсатди, десам муболаға қилмаган бўламан. Биз сизларга вилоят аҳли номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз» — деди вилоят ҳокими.
Тадбир якунида бир гуруҳ тиббиёт ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Аввалроқ Фарғонада Жисмоний тарбия ва спорт университетининг филиали ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.