Бухорода Ҳиндистоннинг Манипал университети филиали очилади

Бухоро вилоятида Ҳиндистоннинг Манипал университети — Manipal University Jaipur филиали очилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, вилоят Инвестиция ва ташқи савдо бошқармасида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов бошчилигида Ҳиндистоннинг Манипал университети — Manipal University Jaipur раҳбарияти билан онлайн мулоқот ташкил этилган. Унда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Бухоро давлат университети ректори, Бухоро давлат Тиббиёт институти ректори ва Бухоро Муҳандислик-технология институти ректори иштирок этган.

Мулоқотда Manipal University Jaipur олий таълим муассасасининг халқаро ҳамкорлик бўйича директори Аджай Шарма ҳамда директор ўринбосари, доктор Правин Суорлиа Ўзбекистонда Манипал университетининг Бухоро вилояти филиалини очиш лойиҳасини илгари сурган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, «Manipal» компаниялар гуруҳи 1953 йилда ташкил қилинган бўлиб, унинг таркибига олий таълим даргоҳлари, тиббий клиникалар, савдо, қурилиш ва хизмат кўрсатувчи соҳа корхоналари киради. Манипал университети «QS-2021» моделига кирган жаҳон академик рейтингида 751-ўринни эгаллаб турибди. Ҳиндистондан ташқари 5 та давлатда ўз кампусига эга бўлган Манипал университети тиббиёт соҳасида Ҳиндистоннинг энг етакчи ва халқаро нуфузи баланд олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Тошкент давлат аграр университетининг филиали ташкил этилганди. Шунингдек, Нью-Йорк шаҳрида ўзбек мактаби очилгани хабар қилинди.

Янгиликлар