Самарқандда Тошкент давлат аграр университетининг филиали ташкил этилди
«Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Маълум қилинишича, қарорда 2020—2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилиши белгиланган.
Шунингдек, қуйидагилар филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, «ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;
- ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳага оид инновацион ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ҳамда ресурс тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;
- ўқув ва бошқарув жараёнини ташкил ва назорат қилишда ахборот тизимларини жорий қилиш, талабаларнинг мустақил таълим олиши учун масофавий ўқитиш шаклини татбиқ этиш орқали қулай шарт-шароитлар яратиш;
- кредит-модул тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари, «устоз-шогирд» тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш ва бошқалар.
Бундан ташқари, филиалда Беларуснинг Гродно давлат аграр университети билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма таълим дастурлари (double degree) амалга оширилиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали ва Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ташкил этилгани маълум қилинди.