Фарғонада сўнгги 10 ойда 10 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тикланди

Фарғона вилоятида 2020 йилнинг январь—октярбь ойлари давомида 10 717 та якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тикланди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси «Tez News»га хабар берди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғонада жисмоний ва юридик шахсларга 659 881 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, 21 111 та янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 15 304 тасини жисмоний шахслар, 5807 тасини эса юридик шахслар ташкил этган ва 28 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, Ёзёвон туманида 110 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тумандаги давлат хизматлари маркази қайта таъмирланган.

«Ёзёвон туманини чўл бағридаги воҳага қиёслаш мумкин. Вилоятда энг ёш туман хисобланади. Туман давлат хизматлари марказининг янги ва замонавий биноси фаолият бошлаганига 11 ой бўлди. Бугунги мана шу пресс-тур давомида биз оммавий ахборот воситалари вакилларига, журналистларга марказда фуқаролар ва мижозлар, тадбиркорлар учун яратилган барча шароитларни амалий тарзда кўрсатиб, улар ҳақида тўлиқ қўшимча маълумотларни бердик. Бу пресс-тур бизга нима беради, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, журналистлар булар жамоатчилик вакиллари, халқ билан давлат идоралари ўртасидаги кўпик воситачи хисобланади. Шунинг учун блогерлар, журналистлар орқали ДХМ ларининг имкониятлари ва шароитлари ҳақида бугун уларга батафсил сўзлаб беряпмиз», — дейди Ёзёвон ДХМ раҳбари вазифасини бажарувчиси Феруза Йўлдошева.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, тадбир Фарғона тумани давлат хизматлари марказида давом этган. Марказда бир вақтнинг ўзида 14 нафар, бир кунда 500 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжудлиги қайд этилган. Залда 3 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизматлари юзасидан маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун мунтазам тақдим этиб борилиши таъкидланган.

Аввалроқ Марҳамат туманида карантин даврида 294 та якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтказилгани ва Қўқон шаҳар ДХМ 12 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тикланишга ёрдам бергани ҳақида хабар қилинган эди.

Кейинчалик Наманганда сўнгги 9 ойда 5911 та якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тиклангани маълум қилинган.

Янгиликлар