ЖССТ сўнгги етти кунда COVID-19’га чалинган беморлар сони рекорд даражада ўсганини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 ноябрь, чоршанба куни берган баёнотига кўра, сўнгги етти кунда COVID-19’га чалинган беморлар сони рекорд даражада ўсди. Бу ҳақда «ТАCC» хабар берди.

Фото: «Unsplash»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 11 ноябрь кунги маълумотларига кўра, сўнгги етти кунда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони рекорд даражада кўпайган. Ушбу давр мобайнида дунё бўйлаб COVID-19 юқтирганлар сони 3,6 миллиондан ошган.

«Сўнгги ҳафта давомида коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони ўтган ҳафтага нисбатан 8 фоизга ўсди ва 3,6 миллиондан зиёд янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Сўнгги етти кундаги янги касалланиш ҳолатларининг асосий қисми Европа минтақасига тўғри келмоқда. Ушбу ҳудудда сўнгги ҳафта давомида касаллик қайд этилганларнинг 54 фоизи аниқланди, шунингдек, шу давр мобайнида янги ўлимларнинг деярли 47 фоизи мазкур минтақага тўғри келади», — дейилади ЖССТ баёнотида.

Хабарга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг сўнгги етти кун ичида ўсиши бўйича олдинги рекорд 26 октябрдан 1 ноябргача бўлган даврда қайд этилган — 3,3 миллиондан ортиқ ҳолат.

Европада 2–8 ноябрь кунлари деярли 1 миллион 990 минг одам мазкур касалликка чалинган ва сўнгги 7 кундаги касаллик юқтирганларнинг умумий сони 13 миллиондан ошган. Мазкур давр мобайнида 25 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган ва 1 ноябрь, якшанба ҳолатига кўра, касалликдан вафот этганлар сони 311 мингдан ошган. Ушбу ҳудудда ҳафта давомида 17 мингдан ортиқ коронавирус беморлари вафот этган ва уларнинг умумий сони 656 мингдан ошган.

Шунингдек, Жануби-шарқий Осиё минтақасида ҳафта давомида 390 мингдан ортиқ янги касалликка чалиниш ҳолатлари кузатилган ва касалликдан қурбон бўлганлар сони 149 мингдан ошган. Ушбу кўрсаткич бир ҳафта олдин вафот этганлардан 5,1 мингтага кўп.

Дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши бўйича вирус «ўчоғи» бўлиб турган мамлакатларда сўнгги 7 кун ичида касалликни юқтирганлар сони Америка Қўшма Штатларида 684 мингдан, Францияда 382 мингдан ҳамда Ҳиндистонда 323 мингдан ошган.

Маълумот ўрнида, «Worldometers»нинг 11 ноябрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан 10:00 даги маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 51 810 343 миллион нафардан ошган. Ушбу беморларнинг 36 395 204 миллион нафари соғайган ва 1 279 546 нафари касалликдан вафот этган.

Фото: «Worldometers»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 51 миллиондан ошгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар