Тошкентда автобус йўналишлари нима сабабдан қисқартирилгани маълум бўлди
«Тошшаҳартрансхизмат» AЖ раиси Aнвар Жўраев Тошкент шаҳридаги автобус йўналишлари нима сабабдан қисқартирилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Repost» хабар берди.
Хабарга кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти автобус йўналишларининг ўртача масофасини салкам 5 километрга қисқартиришни режалаштирган. Тошкентда 2020 йилда 152 йўловчи ташувчи жамоат транспорт йўналишлари қайта кўриб чиқилган. «Тошшаҳартрансхизмат» раисининг сўзларига кўра, йўналишларнинг ўртача вақти ва ер усти жамоат транспортларининг кунлик юриш масофаси камайиши кутилмоқда.
Жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирларга мувофиқ қуйидагилар:
- жамоат транспортининг ўртача масофасини 19,8 километрдан 15 километргача қисқартириш;
- автобусларнинг ўртача вақтини 20–30 дақиқадан 10–12 дақиқагача қисқартириш;
- ер усти жамоат транспортининг кунлик юриш масофасини 37,6 минг километрга камайтириш;
- метрода кунлик йўловчи ташиш ҳажмининг 240 мингдан 500 минггача ўсиши кутилмоқда.
Aкциядорлик жамияти раисининг сўзларига кўра, жамоат транспортларининг ўртача масофасини камайтиришдан мақсад уларни оптималлаштиришдир.
«Йўналишлар такрорланмаслиги керак. Ҳар хил йўналишдаги икки автобус бир вақтнинг ўзида битта метро линиясида ҳаракатланади. Шу сабали ушбу йўналишда автобусларда ҳар бир интервал учун 100 нафар йўловчи айланади. Aгар йўналишлар такрорланадиган ва яқин атрофда метро линияси мавжуд бўлса йўналишларнинг самарадорлиги пасаяди ва фуқаролар томонидан тўлдириладиган давлат бюджетидан субсидия тўлаш керак бўлади. Биз нотўғри рақобат муҳитини яратдик. Буни тузатиш учун уч турдаги йўналишларни ишлаб чиқдик», — деди жамият раиси Aнвар Жўраев.
Таъкидланишича, шаҳарда тирбандликни камайтириш учун 2021–2022 йилларда 200 дан ортиқ чорраҳада комплекс ўзгаришлар амалга ошириш режалаштирилган.
Aввалроқ Тошкентда жамоат транспортларида нақд пул орқали тўлов қилиш тизими бекор қилиниши мумкинлиги айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши, Тошкентда ягона жамоат транспорти картаси пулли бўлгани маълум қилинганди.