Марказий банк назорати қўмитаси 11 та банкни жаримага тортди

Ўзбекистон Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 11 та банкга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Таъкидланишича, қўмита 2026-йилнинг феврал ойидаги йиғилишлар давомида 43 та масалани кўриб чиқиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилган.

Хусусан, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 30 та масала, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (3 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (1 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (6 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (5 та), тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия қайта расмийлаштириш (1 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар кўрилган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 13 та масала кўриб чиқилган. Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун хамда инспекция ва урганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 11 та банкга нисбатан жарима санкциялари қўлланилди, — дейилади хабарда.

Шунингдек, пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 14 та банк ва 4 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Бундан ташқари, 8 та банкка нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган йўқотишларнинг банк молиявий барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш, уларда макропруденсуал буферлар шакллантиришини таъминлаш мақсадида банк акциядорларига оддий акциялари бўйича дивидендлар тўлаш орқали фойдани тақсимламаслик талаби белгиланган.

Ўзбекистон