Ўзбек ва рус олимлари топган COVID-19’ни йўқ қилишнинг янги усули хавфли бўлиши мумкин

Тиббиёт фанлари доктори, россиялик вирусолог Анатолий Альтштейн 11 январь, душанба куни коронавирусни нурланиш билан даволаш хавфли бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «sputnikvaccine.com»

«Одамни радиация билан даволашга ҳожат йўқ. Бундан ташқари, турли хил радиация турлари мавжуд. Рентген ва ультрабинафша нурлари ўртасида жуда катта фарқ бор», — дейди мутахассис.

Шундай қилиб, Альтштейн Россия ва ўзбекистонлик олимларнинг рентген нурлари коронавирусни йўқ қилиши мумкинлигини аниқлаган тадқиқотларини шарҳлаб берган. Вирусологнинг фикрига кўра, одамда коронавирусни ўлдирадиган нурлар беморнинг ўзига зарар етказиши мумкин. Альтштейн сирт ва ҳавони дезинфекция қилиш учунгина нурлардан фойдаланиш яхшироқ, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, тадқиқот Ураль Федерал университети (УрФУ) ва Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари томонидан ўтказилган эди. Унда илгари сурилган ғояга кўра, радиациянинг кучсиз дозаси инсон саломатлигига таъсир қилмаган ҳолда коронавирус ва унинг мутациясини йўқ қилишга қодир.

Вируснинг РНК молекуласи инсон ҳужайрасига тушганда кўп жойларда бутун узунлиги бўйлаб унинг шакли ўзгаришга мажбур бўлади. РНК молекуласининг мазкур ўзгарган қисмлари соғлом ҳужайралар молекулаларига қараганда радиацияга минг маротаба сезгирроқ ҳисобланади. Шу боис вирусни ўлдирадиган доза соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди.

Янгиликлар