Ўзбекистонда 2020 йилда биноларнинг капитал таъмирига бюджетдан қанча сарфланди? — таҳлил

Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг 2020 йилда ялпи ички маҳсулотидаги ўсиш суръати бошқа соҳалар орасидаги энг юқори кўрсаткични ташкил этди (108 фоиз). «Tez News» 2020 йилда давлат маблағлари ҳисобидан биноларнинг капитал таъмирлашга ишлатилган харажатларни ҳисоблаб чиқди.

Давлат органлари томонидан 2020 йилда биноларнинг капитал таъмири учун деярли 338 миллиард сўм сарфланган. Энг кўп харажатлар Тошкент вилояти (52,1 миллиард сўм), Тошкент шаҳри (46,2 миллиард сўм), Бухоро (44,4 миллиард сўм) ва Жиззах (44,1 миллиард сўм) вилоятларига тўғри келди. Шуни қайд этиш жоизки, республика бўйича капитал таъмирлашга оид энг кўп буюртмалар маданият ва таълим соҳасига йўналтирилган.

Тошкент вилоятида маблағларнинг катта қисми вилоят хокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан сарфланган бўлиб, асосан, мактабларнинг тамирланишига йўналтирилган.

Жумладан:

  • Янгийўл тумани 27-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 5,1 млрд сўм:
  • Олмалиқ шаҳар 19-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 4,2 млрд сўм;
  • Олмалиқ шаҳар 15-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 3,7 млрд сўм;
  • Янгийўл тумани 3-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 4.4 млрд сўм
    ва б.

Давлат харидлари порталидаги маълумотларга кўра, пойтахтда ҳам маблағлар, асосан, таълим тизимидаги биноларнинг таъмирлаш ишларига сарфланган. Мактабларнинг капитал таъмирлаш бўйича шартномалари сони 15 тани ташкил этади. Жумладан:

  • Шайхонтоҳур тумани 39-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 5,1 млрд сўм;
  • Яшнобод тумани 204-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 4,2 млрд сўм;
  • Шайхонтоҳур тумани 192-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 4,2 млрд сўм;
  • М.Улуғбек тумани 205-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 3,2 млрд сўм;
  • Юнусабод тумани 247-сонли умумтаълим мактаби биносининг капитал таъмири – 3 млрд сўм.

Бухоро вилоятидаги 4 та объектнинг капитал таъмири 2020 йилда республика бўйича шу йуналишда тузилган шартномаларнинг Топ-10 лигига киради. Жумладан, Бухоро Давлат университети ўқув биносини капитал таъмирлаш учун 6,8 миллиард сўм, ҳарбий факультет биноси учун эса 6,3 миллиард сўм сарфланган. Шунингдек, сарфланган харажатлар Топ-10 лигидан Жондор туманидаги 2-сонли мактаб (6 миллиард сўм) ва Когон шаҳридаги 5-сонли мактабларни капитал таъмирлаш (5,8 миллиард сўм) бўйича шартномалар жой олган.

Капитал ремонт учун ташкилотлар орасида энг кўп маблағни «Объектларни куриш, реконструкция килиш, мукаммал таъмирлаш ва жорий таъмирлаш буйича буюртмачи хизмати» давлат муассасаси сарфлади. Бу биринчиликни харажатларнинг муайян бир ҳудудда эмас, балки бутун республика бўйича тақсимланиши билан тушунтириш мумкин. Яъни Маданият вазирлиги хузуридаги ушбу муассаса Тошкент, Сирдарё, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари, Қорақапоғистон ва пойтахтда 1 тадан объект, Андижон вилоятида 2 та, Фарғона ва Наманган вилоятларида 4 тадан объектнинг қурилиши бўйича шартнома имзолаган.

2020 йилнинг давлат бюджетидан биноларни капитал таъмирлаш бўйича энг катта шартнома Жиззах вилоятида тузилган. Маълумотларга кўра, Жиззах вилоят ҳокимлигининг катта зали, ошхонасини мукаммал таъмирлаш учун умумий харажатлар 26 миллиард 884 миллион 623 минг сўмни ташкил этган. Ушбу 2 қаватли объектни қурувчи ишчиларга кунига 245 минг сўмдан бериш белгиланган. Умумий иш хақи учун 1 миллиард 928 миллион 730 минг сўм ажратилган.

*Мақолани Давлат харидлари порталидаги маълумотлар асосида Нодир Нортўраев тайёрлади

Янгиликлар