Ўзбекистонда чекка ҳудудлардаги ишга жалб қилинган мутахассисларга ҳар ойлик компенсация тўланади

Ўзбакистонда чекка ҳудудлардаги ишга жалб қилинган олий маълумотли мутахассис ва тиббиёт ходимларга 1 январдан ҳар ойлик компенсация тўланиши маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Бу Президентнинг «Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган. Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан олис ва чекка ҳудудларда қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • бюджет ташкилотларига ишга қабул қилинган олий маълумотли мутахассисларга БҲМнинг 50 баравари (11 миллион 150 минг сўм) миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади;
  • оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинган шифокорларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилади ёки БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.

Таъкидланишича, бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси солиқ тўловчининг жами даромадига киритилмайди ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Мазкур имтиёзлардан ОТМнинг бакалавриати ёки магистратурасини (таълим шаклидан қатъи назар – кундузги, сиртқи, кечки, шунингдек, иккинчи мутахассислик) тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган буджет ташкилотлари, шу жумладан тиббиёт муассасаларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бунда уй-жой учун ҳар ойлик пул компенсацияси мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ойгача тўланади.

Қайд этилишича, олий маълумотли мутахассис ва тиббиёт ходими тегишлилиги бўйича олис ва чекка ҳудудда жойлашган бир бюджет ташкилотидан ва тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказилганида, ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш белгиланган муддат тугагунга қадар давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда бюджет ходимларига 1 январдан моддий рағбатлантириш пули тўланиши ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар